Сана: 20.07.2015 йил
Ўқилган: 6204 марта

Исм танлаш тўғрисида (2-қисм)

Бошини ўқиш: Исм танлаш тўғрисида (1-қисм)


Туркий халқлар, жумладан ўзбек исмларига хос бўлган хусусиятлардан бири шундаки, асл туркий исмлардан бир қанчаси ҳар икки жинсга — ўғил ва қизларга баравар қўйилаверади. Турсун (ўғил), Турсун, Турсуной (қиз), Юрсин (ўғил), Юрсин, Юрсиной (қиз), Ўктам (ўғил), Уктам, Ўктамхон (қиз) каби. Бунга сабаб барча туркий тилларда бўлгани каби ўзбек тилида ҳам граматик жинс тушунчасининг йўқлигидир. Лекин бу деган сўз ўзбек тилидаги барча исмлар ўғил ва қиз болаларга баб-баравар, фарқсиз равишда қўйилаверар экан, деган маънони билдирмайди. Ўғил болаларга берилувчи бир қанча исмларнинг қизларга, аксинча, бир қатор қизларга хос исмларнинг ўғил болаларга қўйилмаслиги маълум. Айниқса, ўзбек тилига араб, форс-тожик тилларидан кириб келган кўпчилик исмларда бу ҳол яққол кўринади. Тарихий-миллий анъанага кўра, эркаклар исми сифатида сингган номларни қиз болаларга қўйиш ёки бунинг аксини қилиш анча ноқулай бўлиб, кишига эриш туюлади. Лекин баъзи ҳолларда ота-оналарнинг бунга етарли эътибор қилмаётганлиги сезилиб қолмоқда. Натижада қизларнинг баъзи "ўғилбоп" исмлар билан номланганини кўрамиз: Азамат, Маҳкам, Моҳмирза, Парда, Пўлат, Самадой, Сарақул, Сардорхон, Тулпор, Тўлаган, Тўрахон, Уммат, Шоди, Қудрат, Ҳикмат ва ҳоказо.


Қуйидаги "қизларбоп" исмларнинг ўғил болаларга қўйилгани ҳам қулоққа бир оз эриш туюлади: Анзират, Бахмал, Бахтинур, Бўстон, Тулжон, Тулбой, Жамолхон, Жаннат, Жонон, Жононқул, Зебо, Зебохон, Зайнаб, Зилол, Зилолбой, Каромат, Луъбат, Мунаввар, Муаззам, Муборак, Мусаллам, Мушарраф, Муяссар, Нургулшан, Райҳон, Сабо, Саври, Сафсар, Чаман ва бошқалар.


Ўзбек тилига ўзга тиллардан оддий сўзларгина эмас, балки атоқли отлар ҳам кириб келди. Ҳозирги ўзбек тилидаги бир қанча исмлар асли арабча ёки форс-тожикча, қисман мўғулча номлардир. Ўзга миллатлар исмига тақлид қилиш бизнинг давримизда ҳам юз берди. Натижада ўзбек исмлари орасида жаҳоннинг турли тилларига мансуб номлар пайдо бўлди. Мана уларнинг баъзи намуналари: Бернора, Берта, Венера, Виктория, Гагарин, Зоя, Идия (Идея), Клара, Майя, Марат, Маузер, Московбой, Тельман, Темза, Элеонора, Элмира, Эльбрус, Эрнст, Флора, Фидель ва бошқалар.


Бу исмлар 30—40-йилларда, кейинчалик урушдан кейинги даврда анча удум бўлган эди. Ҳозирда бундай исмлардан чекиниш кузатилмоқда ва тўғри қилинмоқда. Бунга сабаб бу номлар ўзбек тили исмларининг миллий руҳига унчалик сингиб кета олмади ва улар замирида, асосан, маълум даврда ҳукмронлик қилган сиёсий-мафкуравий қарашлар ётар эди.


Болага исм танлаганда фақатгина хоҳиш-истак, орзу-умид, айниқса мафкуравий қарашларга таянишнинг ўзигина кифоя қилмайди, балки танланаётган исмнинг айтилиши ва ёзилишининг, ундан фамилия ва ота исми ясашнинг қулайлигига ҳам эътибор бериш зарур.


Ўзбекларда ўтмишда кишини аташнинг қандай тарихий, лисоний анъаналари, муайян норматив шакл ва усуллари бўлганини билиб қўйиш фойдадан ҳоли бўлмайди. Шунинг учун бу масалага қисқача тўхтаймиз.
Ўтмишда ўзбекларда фамилия ва ота исмлари оммавий удум бўлмаган, шу сабабли кишини унга қўйилган номи билан аташган ва чақиришган: Турсун, Унсун, Турдибой, Эшқувват каби. Одций халқ орасида кишини унинг исми ва лақаби билан ёки исми ва уруғи номи билан аташ ҳам кенг тарқалган эди: Раҳим чўлоқ, Назар қовоқ, Карим полвон, Давлат қора, Тўхтасин барлос, Худоёр манғит, Қулмат қипчоқ, Эшдавлат кенагас каби. Айниқса, киши исмига авлодий-анъанавий унвонлар ва нисбатлар номини,касб-кор, мансаб, машғулот номи сингариларни, шунингдек шахс мансуб уруғ, авлод ва сулола номини ифода қилувчи атамаларни қўшиб айтиш ва мурожаат қилиш кенг удум бўлгани маълум: Бобур мирзо, Абдуллахўжа, Ёдгор эшон, Бекўғли додҳо, Султон тўқсоба, Қилич девон, Муроджон тўра, Абдулла юзбоши, Қўчқор ўнбеги, Тошмат уста, Эшқул темирчи, Муҳаммад мироб, Турди чилангар, Худойқул мешкоп, Худоёр манғит, Бекўғли бағрин, Турдибой сарой ва бошқалар.


Тарихда кишини номлашнинг шахс қайси бир авлодга, сулолага тегишли эканини, кимнинг ўғли ёки қизи эканини кўрсатувчи арабча усул ва шакллари ҳам мавжуд бўлиб, бу усул асосан юқори табақа вакиллари, зиёлилар орасида удум эди: Муҳаммад Шариф бинни Муҳаммад ибн Касир ал Фарюний каби. Лекин бунт дай шаклларда аташ усули кенг халқ оммасига сингмаган, оммавий-миллий удум даражасига кўтарила олмаган.
Шахсни номлашнинг ўзбекларда оммалашган усулларидан бири ота исмидан кейин "ўғли”, "қизи" сўзларини келтиришдир: Ботирқул Қорабой ўғли, Эшбўлсин Турдиқул ўғли, Манғитой Тошпўлат қизи каби.


Кишини унинг отаси номига ишора қилиб аташ кўпгина туркий халқларда, жумладан ўзбеклар орасида жуда қадимдан тарқалган эди. Қадимий туркий ёзма ёдномалардан "Урхун-Енисей" ёзувлари тилида Байна Сангнун ўғли Кулуғ, Учин Қулуғ Тириг ўғли Қулуғ каби аталишлар учрайди. Бу усулда номлаш кейинги даврларда ҳам расм бўлди. Чунончи, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг "Бобурнома" асарида Ҳамза Султоннинг ўғли Мамақ Султон, Қул Боязиднинг ўғли Тезак кичик, Хожа Ҳусайнбекнинг қизи Улуғ оға, Муқимийнинг қизи Моҳчучук сингари аташ кўплаб учрайди.


XX асрнинг бошида 20—30-йилларда ўзбекларнинг фамилиялари асосан, Аҳмад Фозил ўғли, Ҳакима Фозил қизи тарзида юритилган. Шунингдек бу даврда зиёлилар орасида қисман зода (Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Турғун Шарифзода), ий, вий, ия, вия (Абдулла Қодирий, Абдулла Алавий, Мирзакалон Исмоилий, Музайяна Алавия) қўшимчалари орқали исм-фамилия, тахаллуслар ясаш ҳам одат бўлган; баъзида қўшимчаларсиз ҳам қуйидаги шаклда аталган: Парда Турсун, Султон Жўра, Салим Карим, Мажид Усмон, Ҳотам Икром, Илёс Муслим.


30-йилларнинг ўртаси ва 40-йилларга келиб, ўзбеклар ҳам расмий равишда русча шаклдаги фамилия ва ота исмларига ўтказилди. Натижада кейинги даврларда ота ёки бобо исмидан -ов (-ова), -ев (-ева) қўшимчалари ёрдамида ҳосил к^илинган фамилиялар ўзбекларда муайян одат тусига кирди. Узбекларнинг ота исмига эга бўлиши урушдан кейинги даврда, айниқса, 50-йиллардан эътиборан доимий ва расмий тус олди. Ота исм ота номига -ович, -евич, -овна, -евна қўшимчалар қўшиш йўли билан ясалди. Мана шу кейинги усул ўзбекларнинг расмий номлари учун қоида қилиб олинди ва фамилия ёки ота исми ясашнинг бошқа барча миллий-маҳаллий шаклларини расмий равишда ёзиш ман қилинди. Бу қоидага ЗАГС, яъни Фуқаролик ҳолатларини қайдлов ҳужжатлари (ФҲҚҲ) идоралари, паспорт бўлимларида қатъий амал қилиб келинди. Натижада ҳозирги ёш авлоднинг расмий номлари уч қисм (исм, фамилия ва от исми)дан иборат бўлиб қолди.


Ўзбекларнинг фамилия ва ота исмларини миллий шаклларда ёздириш истаги истиқлолга қадар расмий жиҳатдан инкор қилиниб, тан олинмасдан келинди. Мустақиллик даври мана шу асоссиз ва адолатсиз тўсиқларни бартараф қилди ва кишиларга фамилия ва ота исмини, уларнинг шаклини эркин танлаш ҳуқуқини берди. Ҳозирда кўпгина кишилар ўзларининг ва фарзандларининг фамилия ва ота исмларини ўзгартириб ёзиб беришни илтимос қилиб ФҲҚҲ ва паспорт бўлимларига кўплаб мурожаат қилишмоқца. Бу масалада ҳар бир шахснинг, ҳар бир оиланинг ўз нуқтаи назари, унинг ўзигагина ёқадиган ва маъқул ном шакли бўлиши мумкин.


Ўзбеклар эндиликда ўз номларини шахсий ҳужжатларда хоҳлаган шаклда ёздиришлари мумкин. Чунончи, ҳужжатда кишининг фақат исмигина қайд этилиши мумкин: Абдулла, Саъдулла, Турсун каби. Ном исм ва фамилиядан иборат бўлиши мумкин: Асомов Суннатулла, Ўринбосарова Муҳаббат каби. Ном исм, фамилия ва ота исмидан иборат бўлади: Холматов Эшмурод Давлатович, Бойбўриева Дилфуза Неъматовна каби. Ном, агар киши шуни хоҳласа, исм у билан биргалиқца келувчи лақаб (қабила ва уруғ номи, унвонлар)дан иборат бўлиши мумкин: Абдулла найман, Хушбоқ қипчоқ, Давлат хўжа, Акбар мирза каби. Исмнинг бундай қўшимча қисмлари баъзан номнинг олдида келади: Мулла Баҳром, Мирза Тоштемир, Уста Ширин ва б. Ном "ўғил", "қизи" сўзлари, "зода" қўшимчаси ёрдамида шаклланади, бунда у тўлиқ маънодаги фамилия эмас, балки ота исмига тўғри келади. Демак, киши исм ва ота исми билан аталган бўлади. Шунингдек, баъзи ҳолларда Сайфулла Абдулла ўғли Латифий, Неъматулла Турдиқул ўғли Жалоирий сингари номланишларни қўллаш мумкин. Бунда номнинг охирги қисми фамилия вазифасини эслатади.


Ўзбеклар русча шаклдаги фамилияларга ўтиши ота-онанинг, бир оилага мансуб фарзандларнинг, неваралар ва эвараларнинг кейинги даврда битга фамилия атрофига бирлашишига олиб келди. Бунда фамилия учун асос бўлган ном бобонинг ёки бобосининг отаси (катта бобо) нинг исмидир. Боланинг ўз отаси исми эса ота исм ясаш учунгина асос бўлмоқца ва натижада ота исм фақатгина ўша фарзандларнинг ҳужжатларидагина қайд этилади, авлодцан-авлодга ўтмайди. Баъзи кишилар ўз отасининг исмидан ясалган фамилияга ўтишни хоҳлашади. Аммо шу вақтга қадар қабул қилинган расмий қоидага кўра, бунга йўл қўйилмас эди. Эндилиқца мустақиллик даври бу таъқиқни ҳам бузишга ҳуқуқ беради. Фамилия фуқароларнинг хоҳишига кўра ҳар сафар ота исмидан янгитдан ясалиши ҳам мумкин. Борди-ю, биз "ўғли", "қизи" деб номлаш усулига ўтсак, бола ҳар сафар ўз исми ва ўз отасининг номи билан юритилиши мумкин. Чунончи Тошбой Эшмурод ўғли, Ўринбой Тожибой ўғли каби. Бунда авлоддан-авлодга ўтиши шарт бўлган ўзгармас ном ҳисобланган фамилия барҳам топади.


Мусулмон одам 7 авлодини билиши керак деган гап бор. Шундай экан, фамилия сулолани ифодалаб, авлодни билишда анча қўл келади. Шунинг учун фарзанд дунёга келиб, ҳужжатни расмийлаштириш пайтида, бизнингча, фамилия ясашнинг русча анъанавий шакли сақлангани ҳолда ота исми ясашга миллий тус бериш маъқулдир. Яъни ота номидан ота исми (отчество) ясалади, фамилия эса турғун, авлодцан-авлодга ўтадиган ном бўлиб сақланиб қолади. Масалан, Абдуллаев Илҳом Иброҳим ўғли. Бу шакл билан эр-хотиннинг фамилияси тартиботини ҳам ҳозиргача жорий бўлиб келинган тартибда сақлаб қолиш имконияти бўлади. Қардош туркий халқлардан баъзиларида, масалан, озарбайжонларда шундай шакл анча йиллардан бери қўлланиб келинади.
Фамилия ва ота исмлари соҳасида миллий шаклларга ўтишни ҳозиргача қўлланиб келинган русча шакллардан тамоман воз кечишдан иборат деб тушуниш бир ёқламалик бўлади. Кимки русча шаклда ясалувчи фамилия ёки ота исмида қолишни истаса, бу унинг ихтиёри ва фуқаролик ҳуқуқи. Буни ҳисобга олиш ФҲҚҲ ва паспорт бўлимлари ходимларининг бурчидир.


Туғилганлик гувоҳномаларида, паспортлар ва бошқа хил расмий ҳужжатларда анъанавий шаклларда расмийлашган ёки хато ёзилган исми шарифлар анчагина. Бундай ҳужжатларнинг эгалари ҳозирда бу нуқсонларни тузатиш ташвишига тушишган. Фуқароларнинг бу масаладаги хоҳишларини (агар уларнинг талаблари тўғри бўлса) бажо келтириш зарур. Лекин бизнинг назаримизда олдинлари анъанавий русча шаклларда ясалган ва ёзилиб қолган фамилия ва ота исмларининг ясалиш шаклини тамоман ўзгартириш ёки бошқа шаклларда қайтадан ясаш масаласи расмий ҳуқуқий, иқтисодий жиҳатлар ва ортиқча оворагарчиликлар билан боғлиқлигини ҳисобга олишга тўғри келади. Шу сабабли фуқароларнинг ҳозирга қадар русча шаклда ясалиб ва ёзилиб қолган фамилия ва ота исмлари ҳужжатларда ўз шаклида қолавергани маъқул. Фамилия ва ота исмларини янги шаклларда ёзиш ишини энди туғилаётган ёш авлоднинг номларидан бошлаш мақсадга мувофиқ.