Сана: 18.07.2015 йил
Ўқилган: 1875 марта

Исм танлаш тўғрисида (1-қисм)

Ўтмиш аждодларимиз исмлар бойлигига, болани номлаш, янги бетакрор исмлар ижод қилишга интилиш одатларига ҳурмат билан муносабатда бўлган, уни асраш ва кўпайтиришга доимо интилган. Биз ҳозирда мана шу муқаддас анъаналарга содиқ бўлмоғимиз керак. Бунинг учун кишиларда исмларга ва умуман номларга тўғри муносабатда бўлиш маданиятини тарбиялашимиз лозим.


Исмларга тўғри муносабатда бўлиш маданияти ёки қисқача қилиб айтганда, номлаш маданияти нималарда намоён бўлади?


Биринчидан, болага исм танлаш ишига жиддий ўйлаб, иложи борича анъаналарга боғлаб ёндошиш керак. Иккинчидан, кишининг исми шарифи ва ота исмини расмий ҳужжатлар (туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома, паспорт ва б.) да тўғри ёздириш лозим. Учинчидан, кишининг исми шарифини аниқ ва тўлиқ айтиш, тўғри талаффуз қилиш, ўринсиз равишда шаклан бузмасликка интилиш керак. Тўртинчидан, чақалоққа исм танлаганда тилдаги мавжуд, тайёр номлардан фойдаланиш билан бир қаторда янги, диққатни тортувчи, ўзига хос исмлар устида изланиш, яъни янги, бетакрор исмлар ижод қилишга интилиш лозим. Бешинчидан, исмларимизда миллий руҳнинг сақланиши, уларнинг она тилимиз қонуният ва талабларига мос бўлиши учун курашмоқ керак.


Келтирилган талаблар нуқтаи назаридан ёндошиладиган бўлса, кейинги пайтларда исм қўйишда маълум камчиликлар юз бераётганини қайд этиш мумкин.
Ота-она ўз фарзандига муносиб исм танлашга, исмнинг мазмунан гўзал, шаклан чиройли бўлишига интилиши табиий бир ҳол. Бундай исмларда, одатда, холисона орзу-умидлар, фарзандга бўлган меҳр-муҳаббат ҳамда эзгу орзулар ўз мужассамини топади. Қизларнинг ҳозирда Адиба, Адолат, Барно, Баҳор, Бийронхон, Гулнора, Гулсанам, Гулчеҳра, Зебо, Кўркамой, Малоҳат, Муқаддас, Назокат, Чевархон, Ҳилола каби номланаётгани бунинг ёрқин далилидир. Ҳозирда ўғил болаларга қўйилаётган номларнинг аксарияти ҳам мазмунан теран, шаклан латифдир. Мана улардан баъзи намуналар: Азамат, Азиз, Анвар, Ақлжон, Бахтиёр, Борбўл, Боймурод, Ботир, Даврон, Далил, Дилмурод, Илҳом, Ислом, Муроджон, Нурислом, Рустам, Собир, Хуршид, Шавкат, Шербек, Шуҳрат, Элбек, Ўзбек, Ўлмас, Ўринбой, Ўсар, Ўткир, Қутбой, Қутлуғжон, Ҳабиб ва бошқалар.
Чақалоққа кўркам, намунали исмларни танлашга интилиш яхши, албатта. Лекин ўзбекларда исм танлашнинг кейинги пайтларда юзага келган баъзи хусусиятлари, бир ёқламаликка, фақатгина "чиройли", "кўркам” номлар орқасидан қувиб кетиш тилимиздаги исмлар бойлигининг миқдоран камайишига, болани номлаш расм-русмларининг сийқалашуви, тилда бир хил ўхшаш исмларнинг кенг тарқалишига, натижада жамиятда бир хил исм билан аталувчи шахслар сонининг кўпайиб кетишидек салбий ҳолга олиб келди. Масалан, кейинги йилларда Алишер, Баҳодир, Бахтиёр, Дилбар, Дилором, Нилуфар, Саодат, Санобар, Улуғбек, Фурқат каби исмларни қўйиш авж олди. Натижада бир маҳаллада, бир мактаб ва бир синфда бир нечта Алишерлар, Фурқатлар пайдо бўлди.


Умуман олганда, салбий бўлган бу анъананинг юзага келишида исмлар ва исм қўйиш одатларига шўролар давридаги ҳукмрон мафкуранинг, маълум даражада матбуотнинг аралашуви ҳам ўз таъсирини ўтказди. Бундай аралашув дастлаб 30-йиллардаёқ юзага келди. Масалан, "Ёрқин ҳаёт" журналининг 1937 йил 9-сонида "Биз топган отлар” сарлавҳаси остида 107 исм рўйхати берилган ва бу номларни ўзбекларнинг ўғил ва қизларига қўйиш учун тавсия қилинган. Бу рўйхатга ўзбек халқи учун анъанавий бўлган кўп исмлар киритилмагани ҳолда унда Вансетти, Дарвин, Динамо, Клара, Ким, Лена, Майя, Марат, Марсель, Маузер, Маркс, Офелия, Пушкин, Ринат, Румен, Элеонора, Эльбрус каби исмлар тавсия этилган. Бундай ҳаракат 1960—1970 йилларга келиб янада авж олди. Ўз тарихида бир неча минглаб исмларни ижод қилган ва улардан атоқли от сифатида фойдаланиб келган халққа бир гуруҳ исмларнигина "яхши ном” сифатида тақдим этиш, юқорида айтиб ўтганимиздек, ўзбеклар исми доирасини торайиб кетишидек салбий натижалар ҳам берди. Бугина эмас, энг муҳими, болани номлашда зарурий расм-русмлар, миллий анъана ва талаблар унутилаёзди.


Мана оддий бир мисол. Туркий халқларнинг болага ном бериш одатларига кўра, чақалоққа у мансуб авлод ёки уруғда ҳаёт бўлган кишиларнинг исмлари қўйилмаслиги керак. Чунки ўхшаш исм ўша авлод кишиларини бир-биридан фарқлашга ҳалақит беради. Шу сабабли чақалоққа ном танланганда авлоддаги ҳаёт кишиларнинг номлари бирма-бир эслаб чиқилган ва болага улар исмига ўхшамайдиган ном танланган. Болани мана шу одатга хилоф равишда номлаш, бир авлод фарзандлари орасида (қандайдир эҳтиётсизлик туфайли) ўхшаш исмнинг юзага келиши қариндошлар орасида норозилик ва гинахонликка, ҳатто жанжалларга ҳам сабаб бўлган. Чунки бу ҳол исмнинг олдинги эгасига, унинг ота-онасига, оиласига ҳурматсизлик, ҳаёт кишининг номини "ўғирлаш" деб баҳоланган. Шу сабабли болага қўйилган исм бошқа ном билан алмаштирилган ва йўл қўйилган хатолик тузатилган. Бу одат маълум даражада ота-оналарни янги исмларни ахтаришга, янги номларни ижод қилишга ҳам ундаган. Ҳозирда мана шу ўта фойдали одатга амал қилиш сусайганини, айниқса, шаҳар аҳолиси орасида унутилаётганини кузатиш мумкин. Натижада бир авлод ёки уруғга мансуб болаларнинг ўхшаш, бир хил исмлар билан номланиши учраб турибди.


Замонавий номларни ахтариш, исмларни фақатгина "чиройлилик" мезони билан ўлчаш ўзбек тилида кўп даврлардан бери қўлланиб келган киши номларини "чиройли" ва "хунук", "замонавий” ва "эски" каби гуруҳларга ажратишга сабаб бўлди. Натижада, пайдо бўлишига кўра баъзи расм-русмлар, диний тасаввурлар ва ақидалар билан боғлиқ, шунингдек баъзи маҳаллий халқ шевалари хусусиятлари билан алоқадор исмлар "нозамонавий”, "эскирган" номлар деб баҳоланадиган бўлиб қолди. Болаларга бундай номларни қўйиш Ўзбекистон истиқболидан кейин яна қайта одат тусига кирди.


Баъзан "замонавий", "чиройли" исмлар ҳақида гап кетар экан, тилимизда қадимдан қўлланилиб келган Тошбой, Болтабой, Темирбой, Ўроқбой, Турдиқул, Тиркаш, Улансин, Кўйсин сингари номларни тасодифий отлар деб аташ ҳоллари учраб туради. Бу, аслида, мазкур исмларнинг берилиш сабабларини билмаслик, ота-оналарнинг бу номлар заминида ётган эзгу ниятлардан бехабарлик оқибатидир.


"Чиройли исм” ва "хунук исм", "замонавий исм" ва "эскирган исм" тушунчаларини илмий жиҳатдан танқидий баҳолаш қанчалик зарур бўлса, "адабий исмлар", "адабий шаклдаги исм", "исмнинг адабий шакли" каби тушунчалар устида ҳам жиддий ўйлаб кўришга тўғри келади. Умуман тилда маҳаллий хусусиятга эга бўлган у ёки бу шевага мансуб номнинг мавжудлигини инкор этолмаймиз. Масалан, Нуржов, Қоржов исмларини Нурёғ, Қорёғ деб ўзгартириш ва ёзиш мумкин эмас, чунки бундай "адабий шакл"ни маҳаллий халқ исмлари тизими қабул қилмайди. Зотан, ўзбек исмларининг орасида баъзи маҳаллий тил, оилавий руҳият ва дид билан алоқадор исмларнинг бўлиши табиий ҳол. Буни инкор қилиш ўзбек исмларининг ўзига хос мураккаб миллий руҳини инкор қилишдир.
Юқоридаги мулоҳазалардан ўзбек тилида исмлар соҳасида нимаики бўлса тўғри экан, ҳар қандай номни маъқуллайвериш мумкин экан, деган бир томонлама фикр туғилмаслиги керак.


Ўзбек исмлари орасида баъзи бир танқидий баҳолашга муҳтож бўлган номлар, расм-русм ва одатлар бор. Номларимиз орасидаги баъзи исмлар мазмунан ноқулай, тушунарсиз ва сийқа. Масалан, ўғил болаларга берилган мана бу номларга бир назар солинг: Ажинбой, Анжирман, Астарқул, Арзон, Асрқул, Афандихон, Банги, Бандабой, Белёзар, Беғам, Боймас, Бойқараш, Бўдиқ, Бўярбой, Девонақул, Дарию, Жанжал, Жанжалбек, Жонхўроз, Зовурбой, Индамас, Ишқа, Калавот, Кана, Касабий, Кассир, Туркабой, Тўхтак ва ҳоказо. Бундай исмлар, афсуски, қизларимиз номлари орасида ҳам учрайди: Арзон, Бадан, Кунжархон, Кўмачхон, Майхонча, Салқиной, Сансин, Тунтун, Чирмаш, Ҳилпин ва шулар каби. Балки бу исмларнинг ҳам ўзига хос қўйилиш сабаблари бордир. Лекин барибир инсон ҳижолат чекадиган исмларни яхшиси қўймаган маъқул.


Исмлар талаффузига ҳам алоҳида эътибор бермоқ керак. Чақалоққа қўйилган исмни тўғри талаффуз қилмаслик, кўп ҳолда исмнинг бузилган ҳамда ноқулай шаклларга келиб қолиши учун замин ҳозирлайди. Болани унинг номини турли бузилган шаклларга солиш орқали эркалаш бола исмининг бузилган, ўзгарган, қисқарган шаклларини туғдиради. Ҳаттоки исмнинг ноаниқ, қандайдир маъносиз ҳолатга айланишига олиб келади. Ўзбек тилида мана шундай фаолият туфайли юзага келган шундай исмлар ҳам борки, эндиликда уларнинг шаклига қараб аслини тиклаш анча мушкул ва кўп ҳолда мумкин ҳам эмас. Масалан, эркаклар исмидан: Авақ, Аки, Акир, Anmax, Ачи, Аши, Белибой, Басардик, Бави, Буга, Буда, Будал, Бузон, Бунон, Вадан, Гумир, Ҳарис; қизларнинг исмларидан: Бесул, Донжик, Дулган, Жангли, Жумбул, Икима, Иқиба, Какия, Куйсан, Кўкло, Лўкки, Майхар, Шарман, Қиёз, Қизон, Қулзиби, Ҳумарак ва бошқалар.


Исмлар ва уларнинг миллий шаклларига лоқайдлик билан муносабатда бўлиш баъзи ўзбекча номларнинг русча бузилган шаклини "ижод қилиш"да ҳам кўринади. Натижада баъзи ота-оналар ўз фарзандининг, ёшлар эса ўз дўстлари, ўртоқларининг, ака-укалар ёки опа-сингилларининг исмларини Алик (Алишер, Аҳмаджон), Гуля (Гулнора, Гуландом), Диля (Дилбар, Дилором), Дина (Динора), Мая (Муборак), Миша (Муҳаммад, Мажид), Рая (Роҳила, Рухсора), Роза (Рўзибека, Рўзинисо), Саша (Собир, Садриддин), Эдик (Эргаш, Эркин) шаклларида бузиб айтишади. Бундай "номбозлик", "номбузарлик" ҳаракати она тилига, қолаверса, рус тилига ҳам ҳурматсизлиқдир.


Давомини ўқиш: Исм танлаш тўғрисида (2-қисм)