Сана: 11.07.2015 йил
Ўқилган: 7432 марта

"Асровчи" исмлар

Чақалоққа қўйиладиган исм унинг тақдирига таъсир қилади, исмлар ҳосиятли ва ҳосиятсиз бўлади дейилган тасаввурлар даврлар ўтиши билан исмларни боланинг ҳимоячисига, унга қандайдир боғланган, унга доимо ва бир умр эш, ҳамдам бўлиб юрадиган воситага айлантира борган. Шу тарзда "асровчи исмлар” ёки "ҳимоя номлари” деб юритилувчи номлар гуруҳи юзага келган.


"Асровчи исмлар" мазмунан ижобий, чиройли номлардан ва кўп ҳолда қўпол, хунук маъноли номлардан ташкил топган. Болага хунук маъноли сўзлардан ясалган исмларнинг берилиши чақалоқни ёмон кўзлардан, кўз тегишдан асраш, гўдакнинг душмани бўлмиш ёвуз кучларни чалғитиш, алдаш мақсади билан боғлиқдир. Ўзбек исмлари орасида анчагина "асровчи исмлар” мавжуд бўлиб, уларнинг асосий гуруҳлари қуйидагилардир:


  1. Ота-оналарнинг ўз фарзандига соғлик, узоқ умр тилашини ифода этувчи исмлар: Турсун, Турди, Тўхтасин, Ўлмас, Юрсин, Омонтурди, Турғун, Турғуной, Эргаш, Йўлдош каби.

  2. Ота-онанинг ўз фарзандининг турли касалликларни енгиши, чидамли, иродали, мустаҳкам бўлиб ўсишини орзу қилиб қўйилган исмлар. Бундай исмлар, одатда, мустаҳкамлик рамзи бўлган нарсалар, буюмлар, қурол-яроғлар номидан ясалган бўлади: Тош, Тошбой, Тошхон, Темур, Темура, Метинбой, Пўлат, Чўёнбой, Қиличбой, Ханжара, Ҳалқонбой, Тешабой, Болтабой. Шунингдек баъзи исмлар бевосита мустаҳкамлик, иродалик тушунчаларининг номи бўлган сўзлардан ясалади: Маҳкам, Маҳкамой, Берк, Беркиной ва бошқалар.

  3. Яшовчанлик, барҳаётлик, чидамлилик, узоқ умр рамзи бўлмиш дарахтлар, нарсалар номидан ясалган исмлар: Чинор, Чинора, Садабой, Арчабой, Ёвшан ва ҳоказо.

  4. Ёқимсизлик, нохушлик, аччиқлик рамзи ҳисобланувчи нарсалар, ўсимликлар номидан ясалган исмлар: Саримсоқ, Сўғонбой, Пиёзбек ва шулар каби. Мана шундай исмлар қўйилса чақалоқнинг душмани, ёвуз кучлар болага яқинлашмайди, ундан нари кетади деб ҳисоблашган.

  5. Баъзан атайлаб хунук маъноли номларни қўйишган: Ёмонбола, Итолмас, Итемас, Касофат, Шағалбой, Сабила каби. Кишилар бола шундай номланса эътиборсиз бўлади, унга кўз тегмайди деб ҳисоблашган.

  6. Исм қадимий диний эътиқодларга асосланиб кўкка (осмонга) — Ой, Кун (Қуёш) ва бошқа осмоний жисмлар қудратига сиғиниш асосида қўйилган: Ойбуви, Ойхон, Ойқиз, Юлдуз, Ҳулкарой, Чўлпоной, Ойпарча, Ойманглай, Кунхон, Кунбой, Қуёшбек, Ойтўлди, Кунтуғди, Ойтуғди, Тангриберди, Тангриберган ва ҳоказо.

  7. Кишилар қадимий даврлардан бери баъзи нодир металлар, маъдан, тошлар, масалан, дур, зумрад, олтин, лаъл, марварид, маржон, ложувард, ёқут ва бошқалар. чақалоқни касалликлардан, балоофатлардан асрайди деб билишган. Мана шу эътиқодга кўра болаларга (кўпроқ қиз фарзандларга) Дурдона, Дурбек, Зумрад, Гавҳар, Олтиной, Марвад (Марварид), Еқутой, Маржонбиби, Лаълихон каби исмлар берилган. Кейинчалик бу номлар гўзаллик, нафосат, азизлик, қадр-қиммат маъноларини ҳам ифодалайдиган бўлган.

  8. Муқаддас деб улуғланган ҳамда сиғинилган баъзи ҳайвонлар, жонивор, қушларнинг номларидан ясалган исмлар: Бўрибой, Бўринисо, Бойбўри, Қашқирбой, Шағалбой, Арслон, Йўлбарс, Қарчиғай, Лочин, Бургут ва ҳоказо.

  9. Баъзи чақалоқлар баданида қандайдир ортиқча белгилар, жисмоний камчиликлар (хол, тож, қизил тамға, ортиқча бармоқ каби) билан туғилган. Бу нуқсон ва белгилар болага исм беришда ҳисобга олинмаса улар боланинг соғлигига, ҳаётига, келажак турмушига хавф туғдиради деб тушунилган. Бундай норасидаларни ўз номи билан туғилган бола деб ҳисоблашган ва уларга ўша нуқсонлар, ортиқча белгилар номидан ясалган исмлар қўйилган. Чунончи: Холбой, Холбиби, Анор, Анорбой, Анорхон, Менгли, Менглибой, Менглихон, Нишонбой, Тожи, Ортиқбой, Тожихон, Норбой, Нортожи, Қўшоқ, Чала, Чалабой, Очил, Очила ва ҳоказо.

  10. Ота-оналар чақалоққа хавф туғдирадиган ёвуз кучларни чалғитиш, алдаш орқали болани турли касаллик ва хавфлардан сақлаб қолмоқчи бўлишган ва мана шу ниятга хос ҳамда мос исмларни ижод қилишган: Алдан, Алданбой, Алданой, Алмаш, Алмашсин, Янглиш, Янглишой, Бегона ва шулар каби.

  11. Чақалоққа берилган исмни яшириш, уни бошқа қўшимча исм ёки лақаб билан юритиш, баъзан эса болага умуман исм қўймаслик удумлари ҳам болани ёмон кўэлардан, бевақг ўлимдан асрашга қаратилган ҳаракатдир. Чунончи, ўзбек исмлари орасида Номсиз, Отсиз каби исмлар учрайди.

  12. Диний тушунча ва эътиқодлар билан боғлиқ номдир. Буларга қуйидагилар киради:


    • Аллоҳнинг номи, сифатларидан, уни мадҳ қилувчи тушунчалар номидан ясалган исмлар: Абдуляа, Абдураҳмон, Абдусалом, Абдусаттор, Ҳамидулла, Ҳайрулла, Шамсулла ва бошқалар.

    • Пайғамбарларнинг номлари ва сифатларини билдирувчи сўзлардан ясалган исмлар: Муҳаммад, Идрис, Иброҳим, Исҳоқ, Яъқуб, Мусо, Юнус, Исо; Аҳмад, Ҳамид, Маҳмуд, Расул, Наби (й), Комил, Ҳабибулла, Нажибулла, Башир, Мубожир ва бошқалар.

    • Халифалар, баъзи саҳобалар, азиз-авлиёларнинг номларига нисбат берилган исмлар; Абубакр, Сиддиқ, Умар, Усмон, Али ва бошқалар.

    • Пайғамбарнинг фарзандлари, қариндошлари, яқинлари номидан олинган исмлар; Фотима, Марям, Ҳадича, Ҳасан, Ҳусан, Зайнаб, Ойша, Сафия, Ҳабиба ва бошқалар.



Юқорида кўриб ўтилганидек, ўзбек тилидаги исмларнинг аксариятида дунёга келган гўдакни турли хавфлардан ҳимоя қилиш ғояси, нияти мужассамлашган. Шу сабабли бундай исмларнинг юзага келишида қадимий тотемистик, анимистик тасаввурлар, кўҳна диний ақидалар, сиғинишларнинг бошқа хил кўринишлари, удумлар, кейинчалик эса ислом дини таълимоти билан алоқадор бўлган диний, фалсафий қарашлар, эътиқод ва ишончлар асосий роль ўйнаган.