Сана: 16.07.2015 йил
Ўқилган: 4715 марта

Исмларнинг миқдоран бойиши

Ҳар бир халқ исм танлашда ўз она тилининг сўз бойлиги, имкониятларига таянган. Исм тилда мавжуд бўлган сўзлардан ясалади. Лекин ҳеч бир тилнинг луғавий бойлиги фақат ўзиникидангина иборат бўлиб қолмайди. Муайян ҳудудда қадимдан қўшни бўлиб яшаган уруғ ва қабилалар, элатлар, халқлар турли усулларда ўзаро муносабатда бўлишган. Сиёсий-иқтисодий, маданий-маърифий, диний-этник алоқалар бу халқларнинг тилларига ҳам таъсир этган. Бир тилдан иккинчи тилга сўзларнинг, атоқли отларнинг кириб келиши ва ўзлашиши одатдаги ҳол бўлган. Шу боис ўзбек тилидаги бир қанча исмлар форс тилидан ўзлашган сўзлардан ясалганини кўрамиз: Дилбар, Дилором, Дилрабо, Равшан, Худойқул, Озода, Баҳор ва бошқалар.


Болага исм қўйишдаги эркинлик номларнинг миллий бойлигидан муайян исмни ихтиёрий танлашда намоён бўлади. Лекин ҳеч бир ота-она ўзи яшаётган муҳит, давр, ижтимоий-иқтисодий шароит, маданий-маънавий турмуш талабларидан тамоман четга чиқиб кета олмайди. Чунки бу омиллар киши исмларининг юзага келиши, ўзгариши ва ривожи учун доимо сезиларли таъсир ўтказиб туради. Чунончи, ибтидоий жамоа ва уруғчилик даврида ижод қилинган туркий исмларда кўпроқ ботирлик, жасурлик рамзи бўлган тушунчалар; чақалоқнинг ҳаёти, унинг соғлиғи, улғайишини орзу қилиш билан алоқадор тасаввурлар; гўзаллик, ўктамлик, чеварлик билан боғлиқ эстетик қарашлар; хўжаликнинг кўп қиррали томонларини ифода этувчи тушунчалар етакчи ўрин тутган. Мана шундай исмларнинг бир қисми ўзбек тилида ҳозирда ҳам сақланиб қолган: Алпон, Ариғ (гўзал маъносида), Арслон, Бургутбой, Йўлбарс, Кумушой, Лочин, Ойариғ, Ойгул, Ойхон, Улғай, Унсун, Тиркаш, Турсун, Тўхта, Эргаш, Эркин, Ўлмас, Қувондоқ, Қоплон, Қанотбой, Юрсин, Юрсиной, Қиличбой ва бошқалар.


Исм танлаш эркинлигининг нисбийлиги, яъни ном бериш одати мафкуравий ва диний ақидалар, анъаналар билан қанчалик боғлиқлиги араблар Туркистонни истило этганлардан кейинги даврларда қўйилиши удум бўлган исмларда ёрқин кўринади. Бу даврга келиб, исм исломнинг турли-туман ғоялари ва ақидаларини улуғловчи сўз ва атамалардан, иборалардан танланадиган бўлди. Булар орасида Аллоҳнинг номи, сифатлари ва унга итоаткорликни ифодаловчи иборалардан ясалган исмлар: Абдулла, Абдували, Абдуваҳҳоб, Абдужаббор, Абдуқодир, Абдуғани, Абдуғаффор, Олломурод, Оллоқул; пайғамбар ва халифаларнинг, шунингдек азиз-авлиё ва авлиёзодаларнинг исм ва лақаблари: Муҳаммад, Муҳаммадали, Алиқул, Алишер, Усмон, Усмонали, Умар, Умарали, Муҳаммадумар, Исҳоқ, Сулаймон, Сулаймонқул, Аҳмад, Аҳмадали, Марям, Фотима, Муҳаммадёқуб, Ёқуб, Исмоил, Исо, Муҳаммадисо, Иброҳим, Идрис, Аҳрор, Султонмурод; замирида диний тушунчалар, ғоя ва ақидаларни англатувчи сўзлар ётган номлар: Ибодулла, Мўмин, Мўмина, Ибодатхон, Мазлума, Муслим, Муслима, Мусулмон, Мусулмонқул, Муртоз, Авлиё, Авлиёзода, Сайидқул, Шайхиддин, Шариатулла, Курбон, Рамазон, Мавлуда, Барот, Auiyp, Ашурой, Аълам, Маҳсумбой ва бошқалар асосий ўрин тутади.


Исмлар бойлиги турли тилларда миқдоран турли даражададир. Ўзбек тили исмлар мажмуасининг ниҳоятда бойлиги билан ажралиб туради. Исмларнинг миқдоран кўплиги бу тилда шахсларнинг ўзаро фарқлаш, ажратиб аташ имкониятининг кучлилигидан далолат беради. Исмлар, лақаблар, тахаллуслар ва кишини номлашнинг бошқа шакллари она тилининг қимматли, бебаҳо бойлигидир.