Сана: 10.07.2015 йил
Ўқилган: 6779 марта

Исмларнинг келиб чиқиши

Исмнинг пайдо бўлишига сабаб — воқеа ва расм-русмлар, удумлар, кишиларнинг ном орқали изҳор қиладиган истак ва орзулари, тилак ва хоҳишлари бўлиши мумкин.


Исмларнинг юзага келиши ва берилиши фақатгина маънавий эмас, балки бир қатор моддий, амалий тадбирларни ҳам ўз ичига қамраб олади. Улар чақалоққа исм бериш пайтида амалга оширилади. Масалан, ўзбекларда Сотиболди, Соттибой, Сотимбека, Сотқиной, Сотилғон исмлари бор. Бу исмларнинг пайдо бўлиши чақалоқни "сотиб олиш” удумини адо этиш билан чамбарчас боғлиқдир. Ўтмишда фарзандлари турмасдан нобуд бўлаверган ўзбек оилаларида "сотиб олиш" одатига катта умид боғлашган. Бу одатга кўра, бола туғилгач хоҳ ўғил, хоҳ у қиз бўлсин, тарозининг бир палласига гўдак, иккинчи палласига озуқа солинарди (бадавлат оилаларда озуқа ўрнига қимматбаҳо нарсалар ҳам қўйилган). Улар оғирлиги тенглаштирилган. Доя хотин билан уй эгаси (боланинг онаси) ўртасида ўша удум билан алоқадор диалогик характердаги гап-сўзлар айтилгач, бола "сотиб олинган” ҳисобланган. Озуқани доя хотин олган, унга яна қўшимча совғалар ҳам берилган.


Ўтмиш аждодларимиз боланинг турли касалликларга чалиниши, ногирон бўлиб қолиши, носоғлом туғилиши, чақалоқларнинг турмасдан бевақт ўлавериши ёки келажакда бахтсиз, омадсиз бўлиши маълум ёвуз кучларнинг, чақалоқ душманларининг иши деб ҳисоблашган. Гўдакнинг душмани деб ҳисобланган бундай ёвуз кучлар хаёлий, афсонавий, баъзи ҳолларда эса моддий (реал) тушунчалар, нарса ва объектлардан иборат бўлиб, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида ҳар хил тасаввур қилинган ва номланган. Уларнинг энг асосийлари қуйидагилар: шайтон, дев, алвасти, аждаҳо, пари, азроил, ялмоғиз кампир, жин, инсу жинс, ажина, аяз, чилтон, мастон, тулпор, арвоҳлар, ўтган аждодлар руҳи, шайтонлаш, ел қоқиши, хосиятсиз шабада тегиши, жин уриши, пари қоқиши, ёнғоқ тагида ётиб қолиш, хосиятсиз ерда бемаҳалда ухлаб қолиш, фарзандсиз аёлнинг назари (суқи), ёмон хулқли кишиларнинг назари (суқи), кўзи тегиши, кинна кириши, кўзикиш, ичикиш, шайтонлаш, хосиятсиз кийимлар, ота ёки онанинг қандайдир ноўрин ҳаракатлари (гуноҳи), чақалоқ туғилган уй (жой)нинг, қолаверса болага қўйилган исмнинг хосиятсизлиги ёки оғирлик қилиши ва бошқалар.


Кишилар қадим-қадимлардан чақалоқни бундай ёвуз кучлардан ҳимоя қилиш чораларини ахтаришган. Шу сабабли ота-оналар чақалоқни унинг душманларидан яшириш, ёвуз кучларни алдаш, адаштириш, чалғитиш, иложи бўлса уларни тамоман бартараф қилишнинг турли усул ва чоралари ўйлаб топишган. Булар қисман қуйидагилар:


  • Ҳомиладор онани бегона, ёмон кўзлардан яшириш ва сақлаш.

  • Чақалоқни чилласи чиқмагунча бегона одамларга кўрсатмаслик.

  • Серфарзанд ва кекса аёлларни доя қилиш.

  • Ёвуз кучлар чўчийдиган ва яқинлашмайдиган нарсаларни, Қуръон, дуолар, туморлар, нон, пичоқ, саримсоқ, қалампир, хурмонинг дони, кўзмунчоқ, илоннинг калла суяги ёки пўсти, балиқнинг умуртқаси ва бошини чақалоқнинг бешигига ва кийимларига қўйиш ёки осиб қўйиш.

  • Чақалоқни бепушт кишиларга кўрсатмаслик ва кўтартирмаслик.

  • Болани ёмон хулқли одамлардан эҳтиёт қилиш.

  • Боланинг туғилиш ўрнини ўзгартириш — ўзга уйга бориб туғиш.

  • Болани бир ой ёки бир йил муддатга бошқа одамга тарбияга бериш.

  • Болани бошқа бир аёл эмизиб тарбиялаши.

  • Етти оқшом, катта чилла, бўри чилла, сулаймон чироқ, этакка солиш, телпакка солиш, изини кесиш, томдан юмалатиш, қасноқдан ўтказиш, бўри оғзидан ўтказиб олиш, ит кўйлак кийгизиш каби удумларни адо этиш.

  • "Кокил қўйиш", "Ҳайдар кокил", "Эргаш кокил қўйиш", "кокил тўйи" каби удум ва маросимларни бажариш.

  • "Сотиб олди", "топиб олди" каби расму русумларга амал қилиш.

  • Чақалоқни тегишли дуолар, орзу ва олқишлар айтган ҳолда бешикка солиб белаш, бешикдан олиш, исм бериш каби жараёнларни адо этиш.

  • Ўқитиб юбориш, дам солдириш, ис чиқариб юбориш, исириқ солиш, кўчириб юбориш.

  • Садақа бериш, қурбонлик қилиш, қон чиқариш, азиз жойларни зиёрат қилиш.

  • Чақалоқнинг кийимларини, исмини алмаштириш, ётиш жойини ўзгартириш, кечалари Чироқ ёқиб қўйиш, кекса ёшли қариндошларнинг эски кийимлари парчасидан чақалоққа кийимлар тикиб кийдириш.

  • Аллоҳи таолодан мадад, нажот сўраш.

  • Чақалоқ тақцирини пайғамбарлар, халифалар, азиз-авлиёлар, муқаддас қадамжойларга боғлаш ва уларнинг кўмагидан умидланиш.

  • Чақалоқни азиз-авлиёлар, шайхлар, эшонлар, пирларга бағишлаш, назир қилиш ва бу орқали уларнинг мурувватига, кўмагига таяниш.

  • Муқаддас деб ҳисобланувчи қадамжойлар, қабрлар, тош, булоқ, қудуқ, ғор, дарахтлар ва б.ларга сиғиниб улардан нажот ахтариш.

  • "Хосиятли”, "хосиятсиз" исмлар мавжуд деб билиш ва чақалоққа муносиб ном танлашга ҳаракат қилиш

  • Чақалоққа вақтинча исм қўймаслик.

  • Чақалоққа ёмон хулқли, касалманд кишиларнинг исмига ўхшаш исмларни бермаслик.

  • Чақалоққа берилган исмни бегоналардан яшириш, сир тутиш.

  • Ўтмиш аждоддар (боболар, бобокалонлар, бувилар, момолар руҳига сиғиниш, улардан мадад сўраш ва бошқалар).


Ўзбек тилидаги кўпгина исмларнинг юзага келиши юқорида келтирилган расм-русмлар, удумлар, эътиқод ва тасаввурлар билан узвий боғлиқдир. Шу билан бирга, жуда қадим-қадимлардан боланинг соғ бўлиши, яшаб кетиши, келгуси бахти унга қўйиладиган исм билан боғлиқ бўлади деб ҳисоблашган. Бинобарин, чақалоққа муваффақиятли танланган ва берилган ном унинг тақдири, ҳаётига катта таъсир кўрсатади, исм одамнинг руҳияти, тақдирини ўзида мужассам қилади, киши ўз исмиги ўхшайди, деб ишонишган. Натижада одамлар "ҳосиятли” ("қутли") ва "ҳосиятсиз”, яхши ва ёмон исмлар бор деб ҳисоблашган. Шу сабабли чақалоқнинг турли касалларга чалинавериши ёки оилада болаларнинг турмасдан нобуд бўлавериши, бола баданида турли нуқсонларнинг мавжуд бўлиши, қолаверса фарзанднинг келгувси бахти унинг исмига боғлиқ деб билганлар. Мана шундай тасаввурлар туфайли замонлар ўтиши билан чақалоққа берилувчи исм одамни ўзаро фарқлаш, аташгина эмас, балки уни турли бало-қазолардан асрайдиган, муҳофаза қиладиган, қутқарадиган, инсонга бахтли тақдир, нурли иқбол бахш этадиган воситага айлана борган. Шу туфайли кишилар қадим даврлардан болага исм бериш ишига ниҳоятда масъулият билан ёндошишган. Шунга кўра ҳам тилдаги барча исмларнинг маълум сабаби, асоси ҳамда ўзига хос этнографик маъноси мавжуддир.


Ота-она ўз фарзандига исм беришда чақалоққа узоқ умр тилаш, боланинг етук, комил инсон бўлиб етишиши ва унинг келгусида бахтли бўлишини орзу қилади. Мана шу истак ва орзулар болага исм танлаш ва қўйишнинг, бунга оид удумларни адо этишнинг негизини ташкил қилади.


Исмларнинг тарқалганлик даражаси


Баъзи исмларнинг яратилиши ёки танлаши кўп ҳолларда ўша номни танлаган ёки ижод қилган кишилар учунгина маълум бўлади. Бундай исмларнинг кенгроқ доирада, умуммиллий доирада маълум ва тушунарли бўлиши ушбу номнинг кенгроқ тарқалиши, умумудум даражасига кўтарилиши билан боғлиқдир. Лекин баъзи исмлар бир оила доирасида ва бир мартагина қўлланилиб кейинчалик қўлланилишдан чиқиб кетиши ҳам мумкин. Ўзбек тилидаги исмларни қайд қилинган хусусиятларга кўра қуйидаги учта гуруҳга бўлиш мумкин.


  1. Умуммиллий, умумудум исмлар. Бундай исмлар ўзбек халқи антропонимияси учун муштарак номлар бўлиб, уларнинг пайдо бўлиши сабаблари ва бу билан боғлиқ маънолар кўпчиликка тушунарли бўлади. Чунончи: Турсун, Турди, Ўлмас, Ботир, Тўзал, Худойберди, Ҳайитбой ва бошқалар.

  2. Маҳаллий, минтақавий исмлар. Баъзи исмлар умуммиллий доирада эмас, балки минтақа, ҳудуд доирасида кенг тарқалган ва ўша ҳудуд аҳолиси учун тушунарли бўлиши мумкин. Чунончи, Қашқадарёда Қўзигул исми кўп учрайди. Бу исм эрта баҳорда сариқ рангли нозик гул очувчи ўсимлик номи билан боғлиқцир ва "қўзигул" кўкарганда, очилганда туғилган қиз маъносидадир. Баъзи ҳудудларда Чўтбой исми мавжуд ва у тешанинг маҳаллий-лаҳжавий номи чўт сўзи билан алоқадордир ҳамда Тешабой исмининг синонимидир ва б. Маҳаллий минтақавий исмларнинг баъзилари кейинчалик кенг тарқалиб умуммиллий исмлар доирасига ўтиши мумкин.

  3. Оилавий доирада маълум исмлар. Бундай исмларнинг юзага келиши, маъноси ўша номни танлаган ёки ижод қилган кишилар доираси учунгина маълум бўлади. Одатда бундай номлар ота-оналарнинг маълум индивидуал ҳохиш-истакларини ифодалайди ёки фавқулодца яратилади. Бу каби исмлар кейинчалик кенг удум бўлиши, кенгроқ тарқалиши туфайли удуммиллий ёки минтақавий маълум номлар қаторига ўтиши мумкин.